Ссылки доступа

Грузия парламенти "хорижий агентлар"га оид қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади


Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасини Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунининг муқобили эканини айтмоқда.

Грузия парламенти 1 май куни “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатни қабул қилиш учун 150 депутатдан 83 депутат овоз берди.

Биринчи ўқишда кузатилганидек, муҳолифат депутатлари овоз беришда қатнашмади. Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасини Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунининг муқобили эканини айтмоқда.

Қонун лойиҳаси бўйича учинчи ўқиш муҳокамаси Грузия парламентида 17 май куни бошланиши айтилган.

Бу Грузия парламентида хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш бўйича биринчи уриниш эмас. Ўтган йилнинг 7 мартида парламент биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.

Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган.

Қонун лойиҳаси танқидчилари Кремль бу каби ҳужжатдан ўз мухолифларининг унини ўчириш учун фойдаланаётганини урғулаганлар. Ғарб мамлакатлари Грузия парламентида муҳокама қилинаётган чора фуқаролик жамиятини назорат қилишга қаратилганидан огоҳлантирмоқда.

“Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ташаббуси билан парламентда кўриб чиқилаётган “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши кўп минг кишилик норозилик акциялари бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG