Ссылки доступа

Қозоғистон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачи бўлади


Боку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномасини тузиш бўйича музокаралар яқин кунларда Остонада бўлиб ўтади.

Бу ҳақида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 1 май куни маълум қилди.

“Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўз ташқи ишлар вазирларининг тинчлик шартномасини тузиш бўйича музокарасини Олмаотада ўтказиш ҳақидаги Қозоғистон таклифига рози бўлганини олқишлайман”, дейилади Тоқаевнинг баёнотида. Баёнотни Қозоғистон президентининг матбуот хизмати эълон қилган.

15 апрель куни Қосим-Жомарт Тоқаев Ереванга ташрифи чоғида Остона ва Ереван “тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнида ҳамкорлик қилишга келишиб олганини” маълум қилган эди. Тоқаев Боку ва Ереван “ўзаро суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга асосланган тинчлик шартномасини тузиш” ниятида эканлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва воситачилик миссиясини ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирган.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар Тоғли Қорабоғ атрофидаги зиддият туфайли замонавий дунёдаги энг муросасиз муносабатлар ўлароқ кўрилади.

Халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжон ҳудуди деб тан олиниб келинган Тоғли Қорабоғнинг катта қисми 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида тан олинмаган республика расмийларининг назорати остида бўлиб келган. Боку бу ҳудуднинг бир қисми устидан назоратни 2020 йил кузидаги уруш натижасида қайтариб олишга муваффақ бўлган эди.

Ўтган йилнинг 19 сентябрида Озарбайжон янги ҳужумни бошлаган ва эртасигаёқ арман бўлинмалари феълан мағлуб бўлганларини тан олишган. Минтақада яшовчи арман миллатига мансуб аҳолининг аксарияти – 100 мингдан зиёд киши Озарбайжон расмийларининг муҳтамал қатағонидан қўрқиб, Арманистонга кетишган, охир-оқибат Тоғли Қорабоғнинг бутун ҳудуди Озарбайжон назорати остига ўтган.

XS
SM
MD
LG